9 май – Хотира ва қадрлаш куни

 

 

Бундан роса юз йил аввал наманганлик Ҳошим Сатторов Москва давлат университетининг тиббиёт факультети талабалари сафига қўшилган эди. Кўнглида ширин орзулар билан олийгоҳ сабоғини аъло баҳоларга ўзлаштираётган ўзбек йигити тенгдошлари ўртасида алоҳида ажралиб турарди. Гуруҳ раҳбари (староста) сифатида илмий тўгаракларда фаол қатнашиб, барчанинг ҳавасини уйғотарди. Ҳамюрти, ҳуқуқшунослик йўналиши талабаси Муҳаммад Мўминов билан қадрдонлиги унинг сиёсий онгини ҳам ўстириб юборди. Жамият манфаати йўлида ўзининг жонини ҳам аямаслик иштиёқи атрофга зийрак кўз билан қараши оқни оқ, қорани қора деб баҳолашга ўргатарди. Ниҳоят, 1927 йилда шўро жамиятида тобора илдиз отиб бораётган маъмурий-буйруқбозлик тизимига, сталинча диктатурага қарши намойишлар иштирокчисига айланди. Бироқ қаттиқ "панд еди". Ўқиши тақдири хавф остида қолган йигитнинг шашти кесилди.

 

– Сен бўлғуси шифокорсан, одамларни даволашни ўрган, жамиятни тинч қўй! – дейишди вазиятни, оқибати ёмон кўргуликларга олиб боришини пайқаган устозлари ёш йигитнинг эртанги қисматини ўйлашиб.

 

Албатта, кўпни кўрган, миллати бошқа бўлса-да, ўз отасидек танбеҳу дашном берган, тақдири учун қайғураётган тиббиётчи олимларнинг сўзини ўз вақтида қулоғига олган Ҳошим Сатторов юрагидаги оловни алангалатишдан тийилди. Натижада, 1931 йили қизил, яъни имтиёзли диплом билан Ўзбекистонга қайтди. Энди бетугал меҳри билан беморларни даволашни, ўзидаги бор билимни издошликка интилган ука-сингилларига беришни яшаш зарурияти деб билди. Ўша пайтда Ҳошим Оғалиқовичдек мутахассислар юртимизда бармоқда санарли эдилар. Қадр-қийматиям шунга ярашайди. 1934 йили Тошкент медицина институти директорлигидек юксак масъулиятли вазифага муносиб топилди.

 

Институтга асли 1920 йилда асос солинган эди. Илк йили 5 нафар ўзбек фарзанди тахсил олган бўлса, 1930 йили бундайлар сони 65 нафарга етганди. Ҳошим Сатторовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли ўзбек талабалари сафи 480 нафарга кенгайди. 1937 йили эса 700 нафарга кўпайтирилди.

 

Айни маҳалда институтнинг педагогик жамоаси профессор-ўқитувчилари 233 нафарни ташкил этгани ҳолда уларнинг бор-йўғи 46 нафари маҳаллий миллат вакилларига тўғри келарди. Бу ҳолат директорни доимо жиддий ўйлатиб турарди. Ўзбек йигит-қизларини соҳага кўпроқ жалб этишнинг энг муҳим омили тиббиётга оид ўзбек тилида дарслик ва қўлланмалар яратиш, айниқса, тиббий луғат яратиш масаласи билан жиддий шуғулланди. Ибн Синонинг муносиб издоши эканлигини амалда яққол намоён қилиб борди.

 

Албатта, Ҳошим Оғалиқовичнинг хайрли ишлари, ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги беъэтибор қолмади. Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари томонидан муттасил қўллаб-қувватланди. Ҳатто чуқур билими, юксак бошқарув салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш учун юқори лавозимга кўтаришди. Ўзбе­кис­тон ССР Соғлиқни сақлаш министри (вазири) ўринбосари вазифасига тайинлашди. Янги мансабда янги эзгу ниятларларни кўнглига жо қилиб олган мутахассис-раҳбар энди бутун республика бўйича катта ишларни рўёбга чиқаришга астойдил киришди. Тиббиётда жаҳон илму фани ютуқларини, Шўролар мамлакати пойтахтидаги янгиликларни ўз юртининг водий ва воҳаларида биринчилардан бўлиб ўзбек тиббиётига жорий қилишга енг шимарди. Амалда аста-секин бўлса ҳам режаларини натижаларга айлантиришга эриша борди. Давлатнинг эътиборига, элнинг назарига тушди. Ҳукуматнинг рағбатига сазоворланди. Ўша даврнинг юксак мукофоти – "Меҳнат Қизил байроқ" ордени кўксини безади. Афсуски, қувончи узоққа чўзилмади. Риёкорлик илдизлаган жамиятда Ҳошим Сатторов ҳам эл-юрт ғамида, ташвишида, кечани-кеча кундузни-кундуз, демай фидойиларча елиб-югуриб ишлайдиган инсонларни бадном қилиш сиёсатининг аянчли қурбонига айланди.

 

Содиқ САЙҲУН.

 

(Давоми бор).