– Ҳомиладор аёлларнинг TORCH инфекцияларидан азият чекишлари, у ёмон оқибатларга олиб келиши ҳақида кўп эшитамиз. Унинг ўзи нима, қандай пайдо бўлиши, олдини олиш ҳақида маълумот берсангиз.
Ноила Муҳаммаджонова.
TОRCH – қисқартма атама бўлиб, ҳар бир харф ҳомиладор ва чақалоқ соғлиғи учун ўта хавфли алоҳида-алоҳида инфекциялар номининг бош харфидир.
Т(toxoplasmosis) – токсоплазмоз. Токсоплазмоз ҳеч қандай аломатсиз кечади ва ҳомиладорликнинг 2-4 ойларида бола тушиши хавфини юзага келтиради. Даволанмаса, бу кўнгилсизлик қайталанаверади. Кейинги ҳомиладорлик белгиланган муддатга бир амаллаб етказилганда ҳам, ногирон фарзанд дунёга келиши эҳтимоли юқори бўлади.
О(other) – гепатит B, сифилис, хламидиоз каби вирус ва бактериялар орқали ривожланадиган касалликлар. Бу инфекциялар ҳам симптомларсиз кечиб, ҳомилага жиддий зиён етказади. Масалан, бола тушиши ёки барвақт туғилишида хламидиоз фаол "роль ўйнайди".
R(rubella) – қизилча. Қизилча вирусли касаллик бўлиб, асосан одамдан одамга йўталганда ва аксирганда юқади. Бу инфекция ҳам ҳомилага жиддий зарар етказиши аниқланган. Шу сабабдан ҳомиладорликни режалаштираётганда, албатта, қон таҳлили топшириб, TORCH гуруҳига кирувчи инфекциялар ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш лозим.
C (citomegalia) – цитомегаловирус инфекцияси. У билан зарарланган одамлар ҳатто бу вирус ўзида борлигини билмайди. Аммо ҳомиладорлик пайтида фаоллашгандагина сезади. Бу инфекция ҳомиладорликнинг илк босқичларида бола тушиб қолишига ва эрта туғуруққа сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, айрим ҳолларда, ҳомиланинг бош миясида, жигари, ўпкаси ва кўзларида нуқсон билан туғилишига олиб келади. Цитомегаловирус жинсий йўл билан, қон орқали, кўкракдан эмизиш жараёнида юқиши мумкин.
H (herpes) – I-II, II турдаги герпес. Бу вируснинг қўзғатувчиси I ва II турдаги герпес вирусидир. II турдаги герпес вируси жинсий йўл билан юқади ва организмда бир умр сақланиб қолади. Бу инфекциялар эмбриотоксин, терротоген хусусиятга эга. Яъни эмбрион ривожланишига салбий таъсир қилиб, нуқсонли туғилишига сабаб бўлади.
Шундай экан, TORCH инфекцияси бўйича текширувга бориш бўлғуси онанинг бирламчи вазифаси бўлиши керак. Афсуски, айрим аёллар бу масалага жуда ҳам беписандлик билан қайрайдилар. Ҳомиладорликлари маълум бўлса-да, текширувга шифокорларнинг қистови билангина борадилар. Ҳолбуки, TORCHга таҳлил турмуш қуриш олдидан ўтказиладиган тиббий кўрик вақтидаёқ топширилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Қолаверса, аёл қачон бўйида бўлганда эмас, ҳомиладорликдан 2-3 ой аввал шифокорга учраши, инфекция аниқланса, вирусга қарши дори-дармонларни қабул қилиши зарур. Оғироёқлик даври меъёрида кечаётганда ҳам, гинеколог тавсиясига кўра, TORCH инфекциясини текширтириб туриш зарур.
Маҳмуда ШАРИПОВА,
Республика ихтисослаштирилган она ва бола илмий амалий тиббиёт маркази Наманган филали директорининг ўринбосари.