Витамин Книнг асосий вазифаси қон ивишини таъминлашдир. Агар организмда қон ивимаса, оддий жароҳат ҳам кўп қон йўқотишга олиб келади. Шу сабабдан, аёлларга туғруқдан аввал қон кетишининг, болаларга эса чақалоқлар геморрагик касаллигининг олдини олиш учун витамин К буюрилади.
Геморрагик касаллиги - чақалоқ етилмаганлиги сабабли витамин Кга боғлиқ қон ивиш факторларнинг дефицити билан боғлиқ ҳолатдир. Гўдак ҳаётининг 2-3 суткасида клиник белгилар пайдо бўлади, яъни ошқозон-ичак трактидан, киндикдан қон кетиш кузатилади. Мияга, буйрак, жигар, буйрак усти безига қон қуюлиш билан таърифланади. Онанинг касаллиги, дори-дармон ичиш, оғир буйрак касалликлари намоён бўлишига олиб келади. Лекин кўп ҳолатларда буни клиник белгиларсиз, фақат қон таҳлилидан аниқлаш мумкин.
Витамин К кўп миқдорда кўкатларда бор. У кальцийни организмга сингишига ёрдам бериб, суяклар емирилишини ва остеопарозни бартараф этади.
Организмда унинг етишмаслик ҳолатлари ўсаётган суяклар деформациясига, ички қон кетишга, томирларда тузлар тўпланишига олиб келади.
Меъёридан ортиқ қабул қилиш - қон ивишини кучайтириб юборишини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Шу сабабли варикоз, мигрень, тромбофлебит билан касалланганлар К витаминига бой бўлган маҳсулотларни камроқ истеъмол қилиши керак.
Катталар учун меъёр 120 мкг/суткада.
Болалар учун 30-100 мкг/суткада.
Витамин К - кўкатлар, карам, исмалоқ ҳамда кўк чойда кўпроқ бўлади. Зайтун ёғида, банан, авокадо, киви, гўшт, сут, тухум, соя маҳсулотларида кам миқдорда учрайди. Витамин Книнг энг фойдали жиҳати инсонни яшартириш ва умрини узайтиришга олиб келади.
А. ШАМСИБОЕВА,
вилоят перинатал маркази неонатологи.