Маълумки, вилоятимиз аҳолиси ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, турли касалликларнинг олдини олиш, соғломлаштириш ҳамда даволаш-профилактика ишларини янада жонлантириш тадбирларига, туман марказларидан тортиб энг чекка ҳудудларда ҳам чуқурлаштирилган тиббий-кўриклар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Чортоқ туман тиббиёт бирлашмасида ҳам тажрибали шифокор, мутахассислар, фельдшер-ҳамширалардан иборат туман ишчи гуруҳи ташкил этилиб бирлашма бошлиғи Зулфия Мамажонова имзоси билан тасдиқланган махсус жадвал асосида маҳаллаларда соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилмоқда. (Бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа бир қатор туманларида ҳам жорий этилган. Масалан, 8-9-10-гуруҳлар Уйчи, Учқўр­ғон, Янгиқўрғон туман тиббиёт ходимларидан иборат).

- Ҳар бир гуруҳ раҳбари бошчилигида тиббий кўрик манзили, фуқаролар йиғини номи, телефон рақамларигача кўрсатилиб, уларга масъул шахслар бириктирилган, - дейди бирлашма координатори Мавлуда Аҳмадалиева. -Уларга тиббий-кўрикларни намунали, уюшқоқликда ўтказиш, вилоят марказидан келган шифокор ҳамкасблари билан ҳамкорликда ишлаш вазифаси топширилган.

Туманларда шифокор мутахассислар ҳам, кўп йиллик тажрибалар ҳам, тиббий жиҳозлар ҳам етарли. Хуллас, самарали меҳнат қилиш, халқимиз соғлигини муҳофазалашдек хайрли ишлар учун зарур барча шароитлар етарли.

Биз яқинда тумандаги олис Ҳазратишоҳ қишлоқ врачлик пунктида бўлдик. Эрталабданоқ қишлоқ аҳли патронаж ҳамширалар тарғиботи туфайли - вилоят марказидан шифокорлар келиб бепул тиббий кўрик ўтказишларини эшитиб тўпланишган.

- Бизнинг тиббиёт муассасамизда 28 нафар ходим 7500 нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда, 6 нафар врачимиздан 4 нафари умумий амалиётчи шифокорлардир, аҳолимиз, айниқса аёллар акушер-гинекологимиз ҳамда стоматологимиз фаолиятидан мамнундирлар. Ҳар куни жадвал асосида навбатчилик ташкил этилган. Муолажа, эмлаш ҳашираси, лаборант, доя ҳамшираларимиз кеча ҳам вилоят шифокорлари билан ёнма-ён меҳнат қилишиб, қабулга келган 100 нафарга яқин мижозларни тиббий кўрикдан ўтказишда ёрдам бердилар. Мактабгача таълим муассасаларида ҳам тиббиий-кўрик ташкил этилди. Бугун ҳам ана шу тарздаги хайрли ишларимизни яна давом эттираётирмиз, - дейди ҚВП катта фельдшери Элёр Абдураззоқов.

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси невропатологи Абдурашид Воҳидов қабулидаги бемор Гулхумор Нўъмонова 33 ёшда. У эпилепсия ташхиси билан оғрийди. Унинг соғлиги текширилгач, шифокор дорилар тавсия этиб, стационарда ётиб даволаниши зарурлигини билдирди.

- Қизимнинг оёқ-қўлларида тошмалар пайдо бўлиб қолди, турли мазлар суртсам ҳам йўқолмади. Бугун вилоятдаги тери-таносил касалликлари диспансери кожвенерологи Рустамжон Шарипов кўриб аллергик дерма ташхиси билан оғриганини айтди ва керакли дори-дармонларни ёзиб берди. Шу билан биргаликда вилоят диспансери шифокорларига ҳам учрашиш керак экан. Мен жуда хурсандман. Узоғимиз яқин бўлиб, фойдали маслаҳатлар олдик. Республика, вилоят, тумандаги раҳбарларга, ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман, - дейди 15 ёшли қизи Ҳабибани олиб келган онаси Гулнора Турғунова.

Тиббий кўрикда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази окулисти Нажмиддин Ёқуббоевга ҳам 13 ёшли Мадина Эргашеванинг онаси Саодат Назирова қизининг кўзларини обдон текширувдан ўтказгани, фойдали маслаҳатлар бергани учун ташаккурлар айтди.

Бир сўз билан айтганда, вилоятда тузилган ишчи гуруҳи жарроҳи Яҳёхон Фахриддинов, ЖС ва ССИТИ вилоят ҳудудий бўлими, ҚВП мудири Бекмиза Йўлдошев раҳбарлигида Ш. Тиллабоев, Б. Қамбаралиева, Ҳ. Ризаевдек умумий амалиёт шифокорлари, Г. Аҳмедова, К. Азизова, Н. Сиддиқова, Д. Сотиболдиевадек патронаж ва бошқа ихтисосликда ишлаётган ҳамширалар фаол ҳаракатда бўлдилар.

Соғломлаштириш тадбирларида тумандаги Боғистон,Саркор,Тинчлик, Истиқлол, Сой, Гулшан, Алихон, Сутли булоқ, Бештол, Балиқкўл, Ласкидон, Айқирон, Арбағиш, Дўстлик ва бошқа МФЙлар аҳолиси иштироки ҳам таъминланди.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.