Поп тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли реабилитация бўлими Халқобод шаҳарчасида жойлашган. Мазкур шифохона биноси ўтган асрнинг иккинчи ярмида бунёд этилган бўлиб, тўла-тўкис тиббиёт талабларига жавоб беради. Энг аввало, шифо масканининг автомобиль йўлидан икки юз метрлар чамаси олисда жойлашганлиги, ўз навбатида бу ерда ишловчи ва беморлар учун бир мунча қулайликларни яратади. Жумладан, олий тоифали врач Бахтиёр Худойберганов мудирлик қилаётган неврология бўлими беморларга айни муддао бўлиб, шовқин-сурондан холи эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бундай имкониятдан фойдаланаётган беморлар, тиббий муолажадан сўнг бемалол шифохона ҳудудидаги дарахтлар соясидаги ўриндиқларга жойланиб, ўзаро суҳбатлашади. Бир-бирлари билан дардлашади, фикр алмашади. Табиийки, ҳар қандай суҳбат жараёни ўз-ўзидан бугунги кундаги тиббиёт соҳасидаги янгиликлар, айрим ютуқ ва нуқсонлар ҳақида кечади.
- Хусусий касалхоналарнинг кўпайгани яхши, - дейди чоркесарлик бемор Самандар Собиров. - Аммо, у ерда ишлаётган баъзи-бир шифокорларнинг малакасини оширишга жиддий эътибор қаратилса, фойдадан холи бўлмасди. Яқиндагина мазам қочиб, таниш врачларнинг бирига мурожаат этишга тўғри келди. Кимлигини айтмайман. Қаранглар, олий тоифали ҳаким менга қандли диабет касаллиги бўйича ташхис қўйиб, даволашга киришди. Соғлигим яхшиланиш ўрнига кундан-кунга оғирлашди. Ноилож Бахтиёр аканинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, аҳволимни тушунтирдим. Худога шукр, бу ерга келиб, соғлигим анча тикланди.
- Дори-дармонга ҳам роса-а-а-а пул кетгандир!
- Пул ўлсин,- жавоб беради Самандар. - Нимасинии айтасиз, пул топилади, аммо соғлик-чи, соғлик!
- Дадам инсульт касаллигига чалиниб, уч-тўрт йилдан бери оғир дарддан азият чекадилар, - дейди хўжаободлик бемор Яҳёхон Жалолхонов. - Яхшиямки, дадамнинг, қолаверса бутун оилаларимизнинг бахтига Бахтиёр ака Худойберганов бор эканлар. Чунки, дадамнинг касалликлари тез-тез ҳуруж қилиб туради. Ўшандай оғир дамларда Бахтиёр аканинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўраймиз. У киши, албатта, ишга келишлари ёки қайтишларида уйимизга кириб ўтади. Ўзларининг тиббий маслаҳат, муолажаларини аямайди. Бундай пайтларда дадамнинг кўзлари ўз-ўзидан ёшланади. Беихтиёр қўллари дуога очилади. Дуога онам ва оила аъзоларимиз барчаси қўшилади.
Дарҳақиқат, Бахтиёр Худойберганов Поп тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли реабилитация бўлимида 2002 йилдан бери ишлаб, аввалига даволовчи врач, кейинчалик бўлим мудири вазифасини бажариб келмоқда. У Санг қишлоғидаги 10-сонли умумтаълим мактабини мувафаққиятли тамомлаб, ҳеч иккиланмай Андижон Давлат тиббиёт институтига ҳужжатларини топширган. Бунинг боиси бор, албатта. Чунки, Бахтиёрнинг айнан тиббиёт соҳасини танлашида оилавий муҳит, яъни дадаси худо раҳмати Эгамназар домла Худойбергановнинг кимё ва биология ўқитувчилиги муҳим аҳамият касб этди, десак асло муболаға бўлмайди. Унинг 1987-1993 йиллардаги олийгоҳда олган пухта билимлари бир қатор тиббиёт масканларида, жумладан, Поп тумани марказий поликлиникасида ишлаш жараёнларида мустаҳкамланди. Олийгоҳ дипломи фақат врач бўлиб ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат эканлигини англаб етган Бахтиёр амалиётни назарий билимлар билан бойитишга ҳаракат қилади. Фикримизни эса реабилитация бўлими мудири хонасидаги тиббиётга оид илмий китоблар жамланмаси исбот этади.
- Олий тоифали врач Бахтиёр Худойберганов билан ҳамкорликда ишлашни кўпчилик ҳамкасблар хоҳлашади, - дейди реабилитация бўлимининг катта ҳамшираси Малика Ғаниева. - Чунки, у киши ўз касбининг фидойиларидан бири бўлиб, доимо изланиш ва ишлашдан чарчамайди. Ҳар бир беморнинг касаллигига қараб, тўғри ташхис белгилайди ва даволашни бошлайди. Шу боис, бўлимимизнинг олий тоифали врачи Зулфия Мавлонова, ҳамширалардан Мақсуда Шаропова, Робия Мартаева, Омина Турсунова, Ҳилола Ҳайдарова, кичик тиббиёт ходимларидан Ҳилола Мирзатиллаева, Ўғилой Қурбонова ва бошқалар ундан ўрнак олиб, беморларга хушмуомала бўлиб ишлашга ҳаракат қиламиз.
Дарҳақиқат, Поп туманида фаолият кўрсатган собиқ "Узбеккровля" комбинати собиқ Иттифоқ таркибидаги йирик корхоналардан бири бўлиб, у Марказий Осиёда том ёпқич ашёлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ягона корхона эди. Мазкур корхонанинг ишчи-хизматчилари учун мўлжаллаб бунёд этилган касалхона тўрт қаватли бўлиб, бино тўла-тўкис пишган ғиштдан тикланган, хоналари эса тиббиёт талабларига мос келади. Ўтиш даврининг оғир синовларига бардош беролмаган корхона аста-секин инқироз кўчасига юз тутди. Завод ишчи-хизматчилари учун мўлжаллаб бунёд этилган касалхона эса туман ҳокимлиги ҳамда соғликни сақлаш бошқармасининг қарорларига асосан туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфига ўтказиб берилган. 1989 йилдан бери мазкур бинонинг иккинчи ҳамда учинчи қаватларида Поп тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли реабилитация бўлими фаолият кўрсатиб келмоқда. Асаб касалликларига чалиниб, мазкур шифохонада мунтазам равишда даволанаётган беморларнинг таъкидлашича, бино тўла-тўкис таъмирланса, бу ерда нафақат 50 ўринли, балки 100 ўринли туман реабилитация маркази ташкил этиш имкониятлари яратилади. Бунинг учун малакали шифокорлар ҳам, шарт-шароитлар ҳам етарли. Фақат мутасадди идоралар раҳбар-мутахассисларининг эътиборлари ва ташаббуслари билан халқ саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида яна бир ғамхўрлик яратилса, бундан кўпчилик, айниқса, аҳолининг кам таъминланган, моддий ёрдамга муҳтож қисми кўпроқ манфаатдор бўлган бўларди.
Маъмур МУСУЛМОНОВ,
журналист.