Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдек эзгу ишлар ҳали мактаб остонасига қадам қўймаган болажонлар масканлари - мактабгача таълим муассасаларида ҳам изчил олиб борилмоқда. Вилоятимизда мактабгача таълим муассасаларида 16 июлдан бошланган "Саломатлик ойлиги" ҳам фикримизнинг яққол далилидир. Бу муҳим тадбир 16 августгача давом эттирилади.

Тўрақўрғон туманидаги 10-сонли мактабгача таълим муассасасида тадбирнинг дастлабки кунидаёқ болаларнинг тиббий кўриги ташкилланди.

Уни туман бошланғич таълим бўлими мудири Зайнабхон Умарова қисқача кириш сўзи билан очди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан соғ­лом, маънан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлашда саломатлик тадбирларининг аҳамиятини тушунтирди, ойликни намунали ўтишига муваффақиятлар тилади.

Бошқарма бошлиғи, туман бошланғич таълим бўлими мудири, туман ҳамда вилоят ДПМ раҳбарлари болажонлар учун яратилган соғломлаштириш хоналари, чўмилиш, ётоқхона, спортзал, ошхоналардаги шароитлар билан танишдилар.

Туман кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда оилавий поликлиникалардан тажрибали шифокорлар, мутахассис ва ҳамширалар иштирокида болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўриги давом эттирилди.

Шу куни туман марказидаги яна бир болажонлар маскани - кўп тармоқли давлат ихтисослаштирилган 2-сонли мактабгача таълим муассасасида ҳам тиббий кўрик бошланди. Бу ерда 68 нафар болажонларнинг соғликлари ҳам тиббий назоратдан ўтказилди.

КТМПнинг болалар невропотологи Эркинжон Бозоров болажонларни тиббий текширувдан ўтказса, яна бир шифокор Анваржон Мажидов дарҳол боланинг бўйи, вазнини ўлчаш билан шуғулланди. Ҳамшира Хуршида Нурматова эса журналга қайд этиб, боланинг онаси ва тарбиячисига тегишли тавсияларни бериб турди.

- Мен бугун боғчанинг шифокорлар билан гавжумлигидан жуда хурсанд бўлдим. Фарзандимнинг соғ­лиги-оиламиз бахти. Тадбир ташкилотчиларига ота-оналар номидан раҳматлар айтамиз, - дейди биз билан суҳбатда Маҳбуба Муллабоева.

Саломатлик ойлиги вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам қизғин давом эттирилмоқда.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.