Истиқлолли юртимизда кекса авлодга муносиб турмуш шароитлари яратиш, уларга етарли ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, қадр-қимматларини баланд тутиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги "Ўзбекистон кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони муҳим дастурий аҳамиятга эга бўлиб келмоқда. Амалдаги тартибларга кўра пенсионерлар билан ишлаш, уларнинг бошларини бир жойга қовуштириш, устоз-шогирдлик анъанаси бардавомлигини таъминлашга "Нуроний" жамғармаси масъулдир. Шу боис жамғарманинг қуйи бўғинлардаги кенгашлари фаолиятини тубдан яхшилаш учун барча жабҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимимиздаги муассасаларда тилга олса арзигули ишлар қилинмоқда. Жумладан, бизнинг вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказимизда ҳам. Ҳозирда кенгашимиз рўйхатидаги 156 нафар нуронийнинг 12 нафарини врачлар, 60 нафарини ҳамширалар ва 84 нафарини кичик тиббий ходимлару ишчи-хизматчилар ташкил этишади. Шунга монанд ҳолда ишлашни уч йўналишда олиб боряпмиз. Барчаларига ўзлари хизмат қилган бўлим ходимларидан бириктириб қўйганмиз. Алоқаларимиз ҳам яқин, ҳам мустаҳкам. Йўқловларимиздан ҳеч бирлари четда қолишмайди. Масалан, "Наврўз" айёми арафасида йўл харитасига мувофиқ манзилли фаолият юритиб, 58 нафар кексалардан хабар олинди. Қуруқ қўл билан борилмади, албатта. Марказимиз маъмурияти, касаба уюшма қўмитаси ва хомийларимизнинг эсдалик туҳфалари топширилди.
Мамлакатимизда ривожлантирилаётган ички туризмдан кексаларимиз навбатма-навбат баҳраманд этилмоқда. Касаба уюшма қўмитасининг имтиёзли йўлланмаси билан 3 кишини Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига саёҳатга юбордик.
Нафақадаги врач ва ҳамшираларимизга марказимизнинг эшиклари ҳамиша очиқ. Улар қадрдон иш жойларидан қадамларини бутунлай узишмаган. Вақти-вақти билан ташриф буюришга одатланишган. Ҳар галги келишлари эса ҳамкасблари ва ёшлар учун ғоят фойдали кечмоқда. Ўзаро мулоқотлар чоғида билганларини ўргатиб, кўнгилларида туғилган эзгу ниятли панду насиҳатларини ҳеч аяшмаяпти. Ҳатто, кичик беморларни кўриб, юқори малакали муолажа маслаҳатларини беришаётир. Айниқса, тиббиёт фанлари номзоди С. Камолов ва С. Усмонов сингари врачларимиздан жуда хурсандмиз.
Айни дамда меҳнат фаолиятларини давом эттираётган врачларимизнинг юқори тажриба ва малакалари ёнларидаги шогирдлари учун беминнат маҳорат мактаби ролини ўйнамоқда. Ж. Атабоева, М. Турғунова ҳамда А. Эгамбердиевалар марказимиз фахрига айланиб қолишган.
Бош врачимиз Абдумалик Раҳмонов кекса авлод вакиллари сийловига доимо эътиборли. Қачон ва қандай тадбир ўтказсак, бошу қош туриб, керакли кўмакларни берадилар. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан тўкинг дастурхон ёзилиб, совғалар улашилиб, 70 нафар меҳнат фахрийларимизга юксак эҳтиром кўрсатилди. Бундан мамнун нуронийларимиз миннатдорчиликларини эшитиб, ғоят мароқландик.
Кексаси бор уйнинг фариштаси бўлганидек, нуронийлари эъзозли жамоадан ҳам ҳеч вақт файзу барака аримайди. Шундай экан, улуғ ёшдаги ҳамкасблаирмизни қадрлашда, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ёшларга ибрат қилиб кўрсатишда тобора изчилликка эришаверамиз.
Иброҳимжон АБДУЛЛАЕВ,
вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази
"Нуроний"лар Кенгаши раиси,
вилоят Кенгаши депутати.