Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг кенгайтирилган селектор йиғилиши танқидий руҳда кечди. Унда соҳа олдида турган ғоят долзарб масалалар муҳокама этилди.
Йиғилишга бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари ва бош мутахассислари ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг бош шифокорлари таклиф этилди. Наманган шаҳар ва туманлардаги студияларда эса шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, уларнинг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосарлари, бош акушер-гинекологлар, бош педиатрлар, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий поликлиникалар, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари мудирлари, умумий амалиёт шифокорлари, катта ҳамширалари ва патронаж ҳамширалари ҳозир бўлдилар.
Селектор йиғилишини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов олиб борди. Дастлаб бошқарма тизимида оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг ҳолати, касалликларнинг олдини олиш ва ўлим кўрсаткичларини камайтириш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг ижроси ҳақидаги масала муҳокама этилди.
Таъкидланишича, вилоятда бу йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, патронаж хизматини намунали йўлга қўйиш, аҳолининг барча қатламларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича ижобий натижаларга эришилмоқда. Ҳомиладор аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш ва ногиронликнинг олдини олиш мақсадида барча туманларда скрининг хизмати ташкил этилмоқда.
Касбига садоқатли, масъулиятни чуқур ҳис этадиган тиббиёт ходимлари хизмат қилаётган даволаш-профилактика муассасаларида фаолият натижадорлигидан қониқиш ҳосил қилиш мумкин. Жумладан, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси тизимида 29 йилдан бери перепаратор ҳамширалик вазифасини сидқидилдан бажариб келаётган Азиза Ёқуббоеванинг иш тажрибасини намуна қилиб кўрсатса арзийди. Фаол ўрта тиббиёт ходими туғма нуқсонларни барвақт аниқлаб, уларни бартараф этаётир.
Аммо айрим тиббиёт бирлашмаларида, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилаётганлиги ташвишлидир. Наманган шаҳар, Уйчи, Косонсой, Норин ва Наманган туманларида аниқланган салбий ҳолатлар юзасидан тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ҳисоботлари эшитилиб, улардан мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш талаб қилинди.
Кун тартибидан ўрин олган иккинчи масала муҳокамаси ҳам кескин танқид остида ўтди. Мамлакатимизда одам савдосига қарши кураш самарадорлигини ошириш чоралари кўрилаётганига, айниқса, унинг инсонлар саломатлиги ва ҳаётига таҳдидидан аҳолини огоҳ этиш мақсадида кенг қамровли ишлар олиб борилаётганлигига қарамай, баъзи туманлар тиббиёт бирлашмаларида одам савдосидан жабрланганлар ва узоқ муддат хорижий давлатларда бўлиб қайтган фуқарорларни тиббий кўрикдан ўтказишда сусткашликка йўл қўйилмоқда. Наманган шаҳар, Поп, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон, Учқўрғон. Чортоқ, Норин ва Мингбулоқ туманлари тиббиёт бирлашмаларидаги ўзибўларчиликлар бунга мисолдир.
Кенгайтирилган селектор йиғилишида, шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, ўтказилаётган профилактика тадбирлари самарадорлигини ошириш, даволаш-профилактика муассасалари ва шошилинч тиббий хизмат ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлашга доир ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўриладиган бўлди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.