Одам ва олам ўзаро кўзга кўринар ва кўринмас ришталар билан боғланган эгиз яратиқ. Табиат куршовидаги умримиз ҳамиша маромида кечмоғи учун унинг кескин ўзгаришларига нисбатан ўзимизни ҳимоялашимиз зарур ҳаётий эҳтиёж ҳисобланади. Бу эса, бебаҳо соғлигимизни меъёрида сақлаб туришимизнинг энг муҳим омилларидан биридир, албатта. Шундай экан, ҳозирги ёз ҳароратининг салбий таъсиридан озор чекмаслик чора-тадбирларини кўришимиз танимиздан ҳаловат кетмаслигини таъминлайди.

Кўриб-билиб турибмизки, бу йилги июнь-июль ойлари давомида ҳаво харорати кескин кўтарилиб кетди. Республикамизнинг жанубий вилоятларида 45, ҳатто 50 даражагача етди. Бизнинг вилоятимизда эса иссиқлик 43-45 даражани кўрсатаётир ва бу одамларнинг беҳаловатлигига сабаб бўлди ва бўлмоқда. Албатта, қуёш забтига олган, борлиқни тандирдек қиздирган кунларда катта-кичик ўзини соя-салқинларга урмоқда. Дарё, сой, ҳовуз ва анҳорларда чўмилишяпти, уларнинг бўйларида ўтиришиб ҳаловат излашяпти. Тоғолди ҳудудларидаги сўлим гўшаларда дам олиш дамларини ўтказишмоқда. Шаҳарларда, кўп қаватли биноларда яшовчилар хоналардаги совутиш аппарат-жиҳозларидан фойдаланишмоқда. Шуларга қарамай, ҳаддан юқори ҳароратда хастаҳол кишиларнинг безовталиги тобора кучаяётгани анча ташвишли. Бундай пайтларда бир-биримизга янада меҳр кўрсатишимиз, фойдали маслаҳатларимизни дариғ тутмаслигимиз, имконимиз бўлса кўмакка ярашимиз инсонийлик бурчимиздир.

Энди тиббий тавсияларга келсак, мазкур масалада тиббиётимиз бобоколони Абу Али ибн Сино бундан минг йиллар аввалроқ авлодлар сиҳат-саломатлигига доир қимматли фикрларни ёзиб қолдирганлар. Ул зотнинг "Тадбирда йўл қўйилган ҳар хил хатоларга қарши чора кўриш" рисоласида ҳаво тўғрисида жуда сернаф тушунча, йўл-йўриқ ва маълумотлар берилган: "Иссиқ ҳаво қалбни қизитувчи, баданни бўшаштириб ғоваклаштирувчидир. У тиғиз бўлиб, ўт (сафро)нинг сасиши, бурундан қон кетиши, бош оғриқ ва ўткир иситма касалликларига шароит тайёрлайди. Табиий мизожи иссиқлар учун ҳамда табиийликдан чиққан мизожи совуқ учун оз зарарлидир. Кимда унинг тескариси бўлса, кўп зарарлидир, эҳтиёткорлик билан сақланиш ва ўзини ҳимоя қилиш керак...

Иссиқ қуруқ (мизожли) ориқ баданлилар бир кунлик иситмага ёки сасишдан келиб чиқадиган истимага учрайдилар ва улар ингичка оғриқ касаллигига учрашлари ҳам эҳтимол. Шунингдек, улар бош оғриқ ва бурундан қон кетишга учрайдилар. Совуқ нам бадан эгалари енгил бош оғриққа, диққинафасликка, бўғинларнинг заифлашувига ҳамда ҳаракатнинг қийинлашуви кабиларга учрайдилар, улар мўътадиллангунча даволанишади".

Албатта, ҳаво ҳароратидан бетобланганларни қандай ва нималар билан даволаш кераклиги ҳам Ибн Сино томонидан батафсил баён этилган. Унинг тушунтиришича, ҳаво ҳарорати қанча кўтарилмасин, кўп сув ичиш зарарли. Ибн Сино уқтирганидай: "бу уч важҳ­дан зарар қилади. Биринчиси шуки, у барча аъзолардаги туғма ҳароратини сусайтиради; бошқарувчи аъзоларда эса, айни шу вақтда, тўрт табиий қувватни пасайтиради.

Иккинчиси, жигардаги ажратувчи қувват қондан сувни айиришга заифлик қилиб қолади...

Учинчиси, овқатни суюлтиради ва вақтдан олдин тушириб юборади.

Хуллас, сувни меъёридан ортиқ ичиш асло ярамайди. Чанқоқликка тоқат қилиш зарурдир. Кимга ҳаво зарар етказган бўлса, унга кофур, сандал ва гул суви ҳидлатиш зарур; юзи, иккала оёғи ва иккала қўли совутилган гул суви ёки совуқ сув билан чайилади; ҳисримий, нишуқий (олхўрининг нави) ёки кишкия (оқланган буғдой ёки арпа) каби енгил, латиф нордон емак едирилади. Юрагига семизўт, сандал, гул суви ва кофур боғланади. Совуқ мизожли хушбўй нарсалар искатилади. Мева ва ичимликлардан нордон шарбатлар ичирилади.

Иссиқ урганларга нордон чучук анор ҳам фойдали. Ҳавонинг ёмон таъсири кўпинча қалбга бўлади, олма бу борада ғоят сернаф ҳисобланади".

Юрак-томир касалликлар бор одамлар ҳаво ҳарорати кескин ўзгармаган ва дим бўлмаган иссиқни осон кўтарадилар. Ҳозиргидек баланд ҳароратдан тезда беҳаловат ҳолатга тушадилар.

Улар ҳамиша об-ҳаво маълумотларини олдиндан билиб, ўзлари учун қулай шароитлар яратиб олишса, саломатликларини йўқотишмайди.

Ўйлаймизки, ёзнинг жазирамаси халқимиз ҳаловатига жиддий путр етказа олмайди. Чунки, одамлар табобат илмидан бохабар бўлган ҳолда соғлом турмуш тарзию, кўникмасини ўзлаштиришга табора эътиборли бўлаверадилар.

Содиқ САЙҲУН.