Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси "маҳаллабай" ишлашнинг самарали усулларини татбиқ этмоқда. "Бешкапа" маҳалла фуқаролар йиғини хонадонларида ўтказилган чуқурлаштирилган тиббий кўрик натижаси ўлароқ юзлаб фуқаролар бир неча километр олисдаги оила шифокорлик пунктига ёки туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига бормасданоқ ўзларининг саломатлик кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотлардан воқиф бўлдилар.

Тасаввур қилинг, хонадонингиз бир зумда мисоли кўчма оила поликлиникасига айланиб қолсаю, маҳалладошларингиз ҳовлингизда чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб этилсая! Қоракўл қишлоғининг Биринчи Бешкапа кўчасидаги 17-уйда яшовчи Баҳриддин Мирзажоновнинг уйида ҳудди шундай ҳолат кузатилди. Тонг саҳардан хонадон ана шундай вақтинчалик тиббиёт муассасаси вазифасини ўтади. Эрталаб "Қоракўл" оила шифокорлик пункти ва вилоят ревматология сиҳатгоҳи жамоаси ҳамда туман тиббиёт бирлашмасининг биринчи мобил гуруҳи вакиллари мазкур оила ҳовлисида "Соғлом ҳаёт - фаол ҳаракат!" шиори остидаги тиббий тадбирни бошладилар.

Маҳалла аҳли ўз саломатлигига бефарқ эмаслигини амалда намоён этди. "Маҳаллабай" тизимида фаол иш олиб бораётган шифокорларнинг ҳузурига ёшу қарининг ҳамжиҳатликда интилгани ҳам бежис эмасди, ахир. Туман марказидан анча олисда жойлашган ҳудудга саломатлик посбонларининг ўзлари ташриф буюришгани маҳалладошларни беҳад қувонтирди. Фурсатдан фойдаланиб қолиш кераклигини ҳамма тушуниб етганди. Шунинг учун ҳам одамлар оила-оила бўлиб мазкур хонадон сари ошиқишди.

-  Жуда ҳам хурсанд кайфиятда шифокорлар қабулига келяпмиз, - дейди 81 ёшли Анорхон ая Мадраҳимова. - Келиним Зулфияхонни ҳам бошлаб олдим. Соғлиғимиз ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмоқчимиз. Зулфияхон ҳомиладор. Гинекологларнинг ўзлари ҳузуримизга келганлиги ажиб иш бўлди-да.

Дарвоза олдига жойлашган тиббиётчилар келувчиларни рўйхатга олибоқ кўчма лаборатория текширувларидан ўтишга йўллашди. Кейин улар эндокринолог қабулида бўлишиб, қандли диабетга оид кўрикка чорланди. Онколог, теравпевт, педиатр, гинеколог, кардиолог, жарроҳ ва бошқа тор соҳа мутахассислари ҳам қишлоқ аҳлининг саломатлигини бирма-бир ўрганиб чиқди. Аёллар маммо-скринг, УЗИ, эркаклар эса ЭКГ текширувларига босқичма-босқич жалб этилди.

-  Биз қарияларга жуда ҳам қулай имконият яратилди. Президентимизга раҳмат, шифокорларни маҳаллаларда ишлашга даъват этяптилар.

Бунинг натижасида туман марказий поликлиникасининг тор соҳа мутахассислари ҳудудимизга келишди. Мен ҳам қишлоқ оқсоқоллари қаторида тиббий текширувлардан ўтдим. Соғлиғимда муаммо йўқлигини билиб, хурсанд кайфиятда уйимга қайтяпман, - дейди 71 ёшли Файзулла ота Пратов.

Қишлоқда кечган тиббий жараёнлар доираси янада кенг эди. Мобил гуруҳ аъзолари ҳатто бетоблиги туфайли узоқ вақт уйида ётиб қолган беморларнинг хонадонларига ҳам кириб боришди. Кексалик гаштини сураётган Раънохон ая Деҳқонованинг уйидаги тиббий кўрикни "Қоракўл" оила шифокорлик пункти мудири Ҳурматой Халилова, тумун марказий шифохонаси юқумли касалликлар бўлими мудири Носирхон Олимов ва врач-лаборант Зумрадхон Йўлдошевалар ўтказишиб, беморнинг соғлигини кўздан кечиришди. Сурункали касалликларни бошидан ўтказаётган аёлни соғломлаштириш юзасидан таклиф ва тавсияларини айтишди.

-  Соғлиғимдан қайғуриб, мени оёққа тур­ғазиш учун уйимга келган шифокорларга чин дилдан ташаккурлар айтаман. Элпарвар давлатда яшаётганимдан беҳад мамнунман, - дейди Раънохон ая.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ҳудудда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Саломатхон Арзиматова бошчилигидаги тар­ғиботчилар аҳоли ўртасида соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни оширишга оид тадбирлар ўтказишди.

-  Давлатимиз раҳбари томонидан аҳолини тиббий хизматдан рози қилиш вазифаси қўйилган, - дейди Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Улуғбек Ботиров. - Бунинг учун тиббий хизматнинг самарали ва оммабоп усулларини жорий этишга интиляпмиз. Ишимизга янгича механизмларни жорий этиш устида астойдил изланяпмиз. "Маҳаллабай" усули ғоят мақбул эканлигини тажриба кўрсатмоқда. Шу боис ҳам мазкур омилга алоҳида урғу беряпмиз. Туманда 3 та мобил гуруҳ ташкил этдик. Биринчи гуруҳ бу ерда иш олиб бораётган бўлса, иккинчи гуруҳ Хонобод қишлоғига жўнатилган. Мақсадимиз хавф гуруҳига кирувчи аҳоли вакиллари саломатлик кўрсаткичларини чуқурлаштирилган тиббий кўриклар воситасида янада яхшилашдан иборатдир.

Дарҳақиқат, маҳаллада ўтказилган тиббий тадбир ижобий натижасини кўрсатди. Аёлларда олиб борилган маммоскрининг текширувлари туфайли кўкрак бези саратони, гинеколог кузатувлари чоғида қамқонлик, айрим кишилардаги тест синовлари пайтида эса эндо­кринологик касалликларга мойиллик ҳолатлари барвақт аниқланди. Бу эса мазкур хасталикларнинг олдини олиш ва даволашда ғоят муҳимдир.

Абдулла ҒОЗИЕВ.