Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг катта мажлислар залида вилоят тиббиёти фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда Наманган вилояти соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигини таъминлашга қаратилган масалалар муҳокама этилди. Йиғилиш видеоконференц-алоқа тартибида олиб борилиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги тиббиёт муассасалари мутасаддилари иштироки таъминланди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров олиб борди. Унинг таъкидлашича, вилоятда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, фаолиятга бугунги кун талаби билан қаралса, соҳа ишини янада такомиллаштириш ғоят муҳимлиги яққол кўринади.

Аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари хизмати талаблар даражасида, деб бўлмайди. Аҳолини хатловдан ўтказиш ишлари Наманган шаҳри ва қатор туманларда жуда ҳам суст бормоқда. Вилоят марказидаги 6– ва 9-оила поликлиникалари ишида камчиликлар мавжуд. Электрон поликлиника тизими тўлиқ жорий этилмаган.

Вилоятда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишидаги ишлар ҳам кутилган натижани бермаяпти. Ташвишлиси, гўдаклар ва оналар ўлимини камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар самараси сезилмаяпти. Учқўрғон, Янги Наманган ва бошқа туманларда бу кўрсаткич ортиб бормоқда. Оилани режалаштириш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш борасидаги муаммоларни ҳал этишга маҳалла ва хотин-қизлар фаоллари етарли даражада жалб қилинмаяпти.

Яна бир ташвишли масала – вирусли гепатит ва қизамиқ касалликларига қарши профилактик тадбирлар кучайтирилмаган. Мазкур юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун мактаб ва мактабгача таълим муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур. Бинобарин, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бош­қармаси тизимидаги муассасалар фаолияти ҳам қониқарли, деб бўлмайди.

Йиғилишда вилоятда давом этаётган тиббий хатлов, профилактик кўрик ва скрининг жараёнлари самарадорлигини ошириш юзасидан фикрлашиб олинди. Соҳага оид бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди. Аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Кўп йиллар тиббиёт тизимида самарали фаолият олиб борган бир гуруҳ меҳнат фахрийлари тақдирланди.