Ҳар йили августда мамлакат миқёсида "Меҳнат муҳофазаси ҳамда хавфсизлик техникаси" бўйича танлов ўтказиш анъанага айланган.

Танловда ходимлар меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик қоидаларига оғишмай риоя этишларини тарғиб этиш, иш жойидаги бахтсиз ҳодисалар олдини олиш, жамиятда юриш-туриш қоидаларига, тиббий техникаларни ишлатиш йўриқномаларига қатъий амал қилиш, муассасалардаги меҳнатни муҳофаза қилиш ишларининг ривожига ҳисса қўшиш, ташкилот ва муассасадаги иш берувчилар ходимларга қулай ва хавф­сиз меҳнат шароитларини яратиб бериш, иш берувчи ҳамда касаба уюшмалари ўртасида тузилган жамоа шартномасининг бажарилишига эришиш каби вазифалар ижросига устувор аҳамият қаратилган.

Истиқлол айёми арафасида бу йилги танлов якунлари эълон қилинди. Унга кўра, РШТЁИМ НФ (ММ бўйича мутахассис Шерали Валиев) меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан "Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши вакил" номинациясида фахрли 1-ўринни қўлга қиритди.

Жумладан, Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси (Қурвоной Жабборқулова) меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги юзасидан "Энг яхши касаба уюшма қўмитаси" номинацияси бўйича фахр­ли 1-ўринга лойиқ топилди. Ғолиб­лар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Соғ­лиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Республика Кенгаши дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Аббос МАМАДАЛИЕВ,

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси

Наманган вилояти кенгаши раиси, "Соғлиқни сақлаш аълочиси".