Ўзбекистон Республикасининг "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги" Қонуни, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тизимда профессионал бошқарувчиларнинг стратегик заҳираси, уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш самарадорлигини тубдан яхшилашга оид буйруғи ва кўрсатма хати ижросини таъминлаш мақсадида янги механизм – "Ҳудудий даволаш-профилактика муассасаларининг ташкилий-кадрлар ва инсон ресурсларини ривожлантиришга масъул ходимлари учун мавзуий малака ошириш цикли" жорий этилди. Ўқувлар ҳудудларда ташкил этилмоқда. Дастлабки машғулотлар Андижон вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ташкилланган эди.
Наманган шаҳрида ўтказилган навбатдаги циклга вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг 50 нафарга яқин ташкилий кадрлар ва инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати ходимлари жалб қилинди.
Машғулотлар Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг "Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш" кафедрасининг профессори Дамин Асадов бошчилигида олиб борилди.
Ўқув жараёни маъруза, семинар, баҳс-мунозара, муассасалардаги ташкилий-кадрлар ва инсон ресурсларини ривожлантириш ишлари, ислоҳотлар тамойилларига мос трансформация жараёнлари билан танишиш тарзида кечди.
Якунда тингловчилар масофавий тест синовларидан ўтиб, ёзма имтиҳон топширдилар. Улар назарий ва амалий жиҳатдан бой билим, янги тажрибаларни ўрганишларига имкон яратган Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига чуқур миннатдорчилик изҳор этдилар. Шунингдек, иштирокчилар тингловчиларнинг таркиби, таълим дастурини янада кенгайтириш, циклни ҳар йили ташкил қилиш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ.