Наманган шаҳридаги OYDIN PLAZA меҳмонхонасида "Тиббий бригада фаолиятида универсал прогрессив модел ва шахс­лараро мулоқот" мавзуида семинар бўлиб ўтди. Тадбирга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг шифокор ва ҳамширалари таклиф этилди.

Машғулотларни Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг "Олий маълумотли ҳамширалар" кафедраси ассистенти Гулнора Тожибоева ва маҳаллий тренерлар олиб боришди. Ўқув дастури олти кунга мўлжалланган бўлиб, бирламчи тизим   фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор мавзулар қамраб олинди.

– Машғулотлар жуда ҳам қизиқарли ва таъсирчан усулларда ўтказилди. Дастур соҳада кечаётган ислоҳотлар моҳиятини тар­ғиб этишга қаратилди. Айниқса, оналик ва болалик муҳофазасига алоҳида урғу берилди. Универсал прог­рессив модель воситасида соғ­лом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида оилавий поликлиника ҳамда оила шифокорлик пунктлари врач ва ҳамшираларининг хонадонларда амалга оширадиган вазифалари батафсил тушунтириб берилди. Аёлларнинг ҳомиладорлик даврида, чақалоқ дунёга келган кунидан бошлаб кўрсатилиши лозим бўлган тиббий хизматнинг алоҳида йўналишлари, шу билан бирга шахс­лараро мулоқот доирасида эътибор қаратилиши муҳим бўлган жиҳатлар кўрсатиб ўтилди, – дейди маҳаллий тренер Гулнора Тожибоева.

Ўқув курсида сабоқ олган тинг­ловчилар  маҳаллий тренер мақомига эга бўлдилар. Кейинги бос­қичда эса улар ҳудудлардаги ҳамкасблари билим ва кўникмаларини ошириш билан тиббий бригадалар фаолиятини янада кучайтиришга сафарбар этиладилар.