Маълумки, соғлиқни сақлаш тизимида тиббиёт ходимларидан ташқари яна кўплаб касб соҳиблари хизмат қилишади. Улар ҳам ўзларининг самарали меҳнатлари билан соҳа ишини ривожлантиришга баҳоли қудрат ҳиссаларини қўшмоқдалар. Жумладан, ахборот технологиялари мутасаддилари тизимни рақамлаштириш ишларини янги босқичга кўтариш учун изланаётган бўлсалар, кўплаб муҳандис-технологлар ва бошқа касб эгалари қиш кунлари бино-иншоотларда мўътадил иссиқликни таъминлаш учун фидокорлик қилишмоқда.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси катта мажлислар залида кечган тақдирлаш маросимида уларнинг самарали фаолиятлари алоҳида эътироф этилди. Бошқарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов соҳани рақамлаштиришда намуна кўрсатаётган мутахассислар ва аёзли кунларда шифокору ҳамшираларга, айниқса беморларга қулай шароит яратиб бераётган турли касб эгаларининг беминнат хизматини юқори баҳолади.
Тадбир ниҳоясида фаол хизматчиларга бошқарманинг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.