1993 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарори билан "14 январь – Ватан ҳимоячилари куни" деб белгиланди. Ватан ҳимоячилари куни ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари, айни вақтда армия сафларида ўз бурчини ўтаб қайтган ва эртага хизматга борадиган навқирон йигитлар, марду майдон аскарларни камол топтирган ота-оналарнинг байрамидир. Ушбу кун халқимизнинг ўз миллий армиясига барқарор ишончи, чексиз ҳурмати, алп йигитларига нисбатан ифтихори, меҳр-муҳаббатининг тантанаси сифатида нишонлаб келинмоқда.

 

Ватан ҳимоячилари ҳақида гап кетар экан, Қуролли Кучларимизнинг узвий қисми, унинг энг муҳим таянчи бўлган тиббиётчи халоскорлар роли ва аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўнлаб наманганлик врач-у ўрта тиббиёт ходимлари жанггоҳларда, ўқлар ёмғири остида ярадор аскарларни қутқариш ва ҳаётга қайтариш учун жон олиб-жон бердилар. Фронт ортидаги госпиталларда ҳарбийлар жароҳатига малҳам бўлдилар. Айни чоғда ҳам вилоят соғлиқни сақлаш тизимида заҳирадаги офицер ва сержант мақомидаги бир неча минг нафар врач, ўрта тиббиёт вакиллари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг кўпчилиги йигитлик бурчини ҳарбий қисмлар тиббий бўлимларида шахсий таркиб саломатлиги йўлида туну кун матонатли хизмат билан адо этганлар. Яна юзлаб тиббиёт ва Қуролли Кучлар фахрийлари бўлган табаррук инсонлар ёш касбдошларида ватанпарварлик, садоқат азмини камол топтиришга муносиб ҳисса қўшишмоқда.

 

Азиз Ватан ҳимоячилари, тиббиёт тизимида фаолият олиб бораётган офицер ва сержантлар, муҳтарам фахрийлар! Фарзандлари Она юрт олдидаги ҳарбий бурчини мардонавор адо этаётган ота-оналар ва бўл­ғуси аскарлар! Шон-шараф, мардлик ва матонат байрами Сизларга муборак бўлсин!