Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали катта мажлислар залида шу мавзуда давра суҳбати ўтказилди. Унга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассилари, вилоят даволаш-профилактика муассасалари, Наманган шаҳар ва барча туманлар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, бош ҳамширалари таклиф этилдилар.

Тадбирни вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов олиб борди. Даст­лаб аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш, айниқса жорий йилда бажарилиши ғоят муҳим бўлган вазифаларга эътибор қаратилди. Жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ишини янги босқичга кўтариш устувор аҳамият касб этиши таъкидланди.

Йиғилишда маънавий-маърифий ишларни ҳам янада кучайтириш зарурлиги, тиббиёт ходимларининг масъулиятини ошириш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Маданият ва спорт ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Икромжон Солиевнинг "Раҳбар ва ходимлар маънавиятининг давлат ва жамият тараққиётига таъсири" мав­зуидаги маърузаси қатнашчилар қизиқишини уйғотди.

Нотиқ мутафаккирлар, таниқли шахсларнинг доно кўрсатмалари, қимматли фикр-мулоҳазалари асосида ҳур­фикр­лик, ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва жипслик билан эзгу мақсадлар сари интилиш муҳимлигини таъкидлади. Турли соҳа вакиллари, айниқса тиббиёт ходимлари зиммаларидаги ғоят масъу­лиятли вазифаларни теран ҳис этишлари долзарб аҳамиятга эга эканлигига урғу берди. Зеро, энг катта бойлик – халқ саломатлигига эришиш учун шифокорлар билимли, малакали ва айни пайтда юксак маданиятли ва маънавиятли бўлишлари лозим. Замонавий раҳбар қандай бўлмоғи лозим, давлат хизматчилари олдида турган муҳим вазифалар нималардан иборат эканлиги ҳам атрофлича тушунтириб ўтилди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш лозимлиги уқтирилди.

Тадбир ниҳоясида бош­қарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов тизим мутасаддилари олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб берди.