Давлатобод туманидаги вилоят маданият марказида маърифий мавзуда тадбир ўтказилди. Унга ҳудуддаги шифохоналар ва тиббиёт марказлари ҳамда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида хизмат қилаётган саломатлик посбонлари таклиф этилди.
Йиғилишни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзи билан очди.
Дастлаб оилавий поликлиникаларда фаолият олиб бораётган соҳа вакиллари ижросидаги миллий либослар ва тиббий кийимлар намойиши ташкилланди. Хонатласдан тикилган ўзбекона либосдаги қизлар саҳнавий чиқишлар орқали қадимий матонинг бор жозибасини йиғилганлар кўз ўнгида гавдалантирдилар.
– Ўзбек миллий кийим-кечакларини кўрсатиш билан маънавиятимизнинг ўзига хос қирраси бўлган кийиниш маданиятини тарғиб қилдик. Шу билан бирга вазирлик талаби асосида тиббиёт ходимларига тавсия қилинган хизмат либосларига ҳам эътибор қаратдик, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Райҳона Мансурова.
Тадбир давомида соғлиқни сақлаш ходимлари маънавиятини юксалтириш билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Айниқса, тақлидчиликка берилиш оқибатида баъзида белгиланмаган кийим-кечакларга рўжу қўйиш холатлари кузатилаётганлиги ҳам айтилди.
Тизимда "Жаҳолатга қарши маърифат" шиори остидаги маърифий ишларни янада кўчайтириш муҳимлиги таъкидланди. Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат, қасамёдга содиқлик, соҳа ишини янада юксалтириш учун фидойилик тиббиёт ходимларининг азму шиорига айланиши керак. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамшид Ҳотамов шу ҳақда маъруза қилди.