"Ҳамшира-2025" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда вилоят даволаш-профилактика муассасалари, Наманган шаҳар, туман босқичларида ғолиб чиққан 12 нафар маҳоратли ҳамширалар республика босқичига бериладиган йўлланмани қўлга киритиш учун ўзаро курашдилар.
– Мазкур кўрик-танлов "Ўзбекистон-2030" стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятини ҳамширалар ўртасида тушунтириш, уларнинг касбий билим ва малакаларини ошириб бориш, барчага ўрнак бўлиб келаётганларини моддий ва маънавий рағбатлантириш, тажрибаларини оммалаштириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ҳамширалар Ассоциацияси ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қарорига мувофиқ ташкил этилган, – дейди ВССБ бош ҳамшираси Райҳона Мансурова.
Кўрик-танлов тўрт босқичда олиб борилди. Иштирокчилар амалий кўникмалар, назарий билимлар, ижтимоий-сиёсий тафаккур имтиҳони, тезкор савол-жавоблар мусобақасида ўз салоҳиятларини намоён этдилар.
Ҳакамлар ҳайъати шаффолик асосида ҳолисона баҳолаб борди.
Наманган шаҳар болалар шифохонаси ҳамшираси Нилуфар Икромова учинчи, Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими ҳамшираси Умида Асқарова иккинчи ўринни эгаллади. Янгиқўрғон туманлараро қўшма шикаст ва ўткир қон-томир касалликлари бўлими ҳамшираси Феруза Раҳимжонова ғолиб деб топилди ҳамда Халқаро ҳамширалар куни арафасида ўтказиладиган республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов иштирокчиларни муборакбод этиб, ўрта тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш, муносиб рағбатлантириш, малака ва маҳоратларини ошириш вазирлик ва бошқарманинг доимий диққат марказида эканлигини таъкидлади. Касбий салоҳиятни ошириш, соҳага оид билим ва тажрибасини бойитиш сари интилаётган саломатлик посбонларига омад тилади.
Абдулла ҒОЗИЕВ.