Дарахт ва буталар, гулзор ва майсазорларнинг инсон саломатлиги учун аҳамияти нечоғлик муҳимлиги барчага аён. Улар тириклик ва соғлиқнинг бош омили бўлган мусаффо ҳаво ишлаб чиқаради. Шундай экан, ҳудудларимизни яшилликка буркаш, боғу бўстонлар барпо қилиш бугунги саломатлигимиз, эртанги авлодларимиз баркамоллигининг бирламчи шартидир.

 

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизда экологик вазиятни янада яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришларига миллий ечим сифатида халқаро миқёсда эътироф этиляпти. 2025 йилнинг "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили" деб эълон қилиниши жамиятимиз аҳлини ана шу эзгу мақсадда якдилликка ундамоқда.

 

"Ўзбекистон-2030" стратегиясининг 2025 йилда амалга ошириладиган вазифалари белгиланган Давлат дастурига асосан "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси ва "Менинг боғим" лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт ҳамда буталар экилади. "Сояли сайр кўчалари" тармоғи яратилади. Орол денгизи тубида 100 минг гектар яшил майдон барпо этилади. Минтақадаги ўрмонлар 2,1 миллион гектарга, дарахтлар билан қопланган майдонлар 4,1 миллион гектарга етказилади. Муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар эса 14,5 фоизгача кенгайтирилади. Булардан мақсад мамлакатимизнинг ўзига хос экологик қиёфасини яратиш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантиришдир.

 

Зеро, яшил олам мусаффо табиат асоси. Табиий дренаж ҳисобланган кўпйиллик дарахтларнинг экилиши микроиқлимни юмшатади. Кўкаламзорлаштирилган ҳудудларни, айниқса, шаҳар ва автомобиль йўллари четидаги яшил ҳудудларни кенгайтириш атмосферага ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини камайтиради. Бу эса аҳоли саломатлигини сақлашнинг асосий омилларидан биридир.

 

Шундай экан, глобал иқлим ўзгаришларидан ишончли ҳимоя сифатида ҳар биримиз ҳовлимиз, кўчамиз, таълим ва иш жойимиз ҳудудларида дарахт, гул, буталар экиш, уларни меҳр билан парваришлаш орқали Янги Ўзбекистоннинг "яшил" тараққиётига муносиб ҳисса қўшишимиз виждоний бурчимиздир.

 

Муҳаммадсоли МЎМИНОВ,

 

Маъсуда ЛУТФУЛЛАЕВА,

 

НамДПИ табиий фанлар кафедраси ўқитувчилари.