Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги мунтазам ғамхўрликлари натижасида тиб­биётда янгидан-янги истиқболлар очилмоқда.

 

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва бевосита ёрдами билан жаҳон миқёсида ўта ноёб ва қимматбаҳо саналган мобил-ангио­графлар Ўзбекистонга келтирилган эди. Марказий Осиё ва Мус­тақил давлатлар ҳамдўстлиги республикалари ичида ягона бўлган мазкур кўп қиррали кўчма диагностик тизим саккиз ойдирки, диёримизнинг энг олис туманларида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож дардманларнинг мушкулини осон қилиб келмоқда. Яқинда ана шу нажот қурилмаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Олимжон Муродуллаевич Омонов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Муҳиддинович Иминовнинг саъй-ҳаракатлари билан энг олис туманлардан бири – Мингбулоққа келтирилди.

 

 

Миллий тиббиёт марказининг етук олим-шифокорлари имтиёзли тоифа рўйхатига киритилган юрак-ишемик хасталикка йўлиққан 60 нафарга яқин ногиронлар, қариялар, кам таъминланган оилалар вакилларини коронография текширувларидан ўтказдилар. 10 дан ортиқ беморда Миллий тиббиёт марказида бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилиши, яна бир гуруҳ кишиларни вилоят, туман шифохоналарида имтиёзли даволаш чоралари белгиланди.

 

– Шундай юқори технологик текширувдан ўтишга моддий имкониятим асло йўқ эди, – дейди Эргашали ота Кенжабоев. – Бу маҳобатли қурилмани довонлар оша келтирилгани мен каби муҳтожларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилди. Текширгач, ҳаё­тимга тромб жиддий хавф солиб турганлигини айтдилар. Тошкентда операция қилиб, бепул даволайдиган бўлишди. Юртбошимизнинг халқимизга беқиёс ғамхўрликларидан тоабад миннатдормиз.

 

Тадбир давомида вазир ўринбосари ва бошқарма бошлиғи аҳоли вакиллари билан соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳақида суҳбатлашдилар ҳамда маҳаллий шифокорларга хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича муҳим йўл-йўриқлар бердилар.

 

Муҳаммаджон ОБИЛОВ.