Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали пойтахт ва хорижий марказлар билан ҳамкорликни янада фаоллаштириш ҳамда самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни илгари сурмоқда. Икки кун давомида амалга оширилган анжуман, тиббий кўрик ва маҳорат дарслари ҳам ана шундан далолат.
Дастлаб "Кардиожарроҳликда замонавий йўналишлар" мавзуида халқаро конференция ташкил этилди. Унда Россия Федерациясининг Республика кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Федерал илмий-клиник маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари доктори Антон Стаферов, Тошкентдаги "Медион" клиникаси жарроҳи, профессор Юрий Симельников, РИКИАТМ Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов ва бошқа олим-шифокорларнинг замонавий кардиожарроҳликдаги янги йўналишлар, уларни қўллаш йўл-йўриқларига оид маърузалари тингланди, фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Тадбир доирасида Наманган филиали билан Россия Федерациясининг Республика кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Солижон Мўминов халқаро алоқаларни кенгайтириш кардиологик хизматлар тури, сифати ва самарадорлигини ошириш, маҳаллий мутахассислар тажрибасини бойитишнинг муҳим омили бўлаётганлигини таъкидлади.
– Айниқса, – деди у, – россиялик ҳамкасбларимиз билан биргаликдаги лойиҳаларимиз Наманган кардиожарроҳлик мактабини халқаро стандартлар асосида тараққий эттиришда катта роль ўйнамоқда.
Сўнгра Антон Стаферов, Юрий Симельников, РИКИАТМ рентгеноэндоваскуляр хирургия бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Бахтиёр Йўлдошев юрак хасталиги билан мурожаат қилган 50 дан ортиқ беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, даво муолажалари белгиладилар. Шунингдек, маҳаллий ҳамкасблари иштирокида жарроҳлик амалиётлари ўтказдилар. Шифокорларнинг мўъжикор қўллари, билим ва заковатлари туфайли туғма юрак нуқсонли бир неча боланинг умрларига умр қўшилди. Туғма юрак нуқсонининг ўпка артерияси инфиндикуляр стенози деб аталувчи энг мураккаб тури операцияси филиал мутахассислари учун кўргазмали маҳорат дарси бўлди. Улар 20 та юқори технологияли амалиётларда қўлланилган янги усулларни пухта ўзлаштирдилар.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ.