Республика вазирликлари масъул этиб белгиланган туманларда Президентимиз Фармон ва Қарорлари, давлат дастурларида белгиланган вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

 

Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Олимжон Муродуллаевич Омонов Янги Наманган тумани фаоллари эътиборини аҳоли банд­лигини ошириш, ёшларни илм-ҳунар, спорт ва меҳнатга жалб этиш, "Камбағалликдан фаровонлик сари" Давлат дас­тури ижроси натижадорлигига қаратмоқда. Яқинда унинг ташаббуси билан ҳудуддаги ижтимоий реестрда турувчи оилаларга ўзини-ўзи банд қилиши учун тикув машиналари, минитрактор ва бошқа иш қуроллари ҳадя этилди. "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида "Келажак тонги" МФЙ ҳудудига манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

 

Кейинги лойиҳа эса камбағалликни қисқартириш ва банд­ликка кўмаклашиш туман бўлими, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда аҳоли, айниқса, ишсиз йигит-қизлар, мигрантликдан қайтган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганларни ишга, касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида "Меҳнат ярмаркаси" ва тиббий кўрик бўлди. Бу икки тадбир узвийликда уюштирилишининг боиси, ярмаркада ишга йўлланма олган фуқаро эртага меҳнат муассасаси талаб қиладиган тиббий маълумотнома учун бир неча кун вақт ва бир неча юз минг сўм сарфламай, бугуноқ, шу ернинг ўзида бепул текширувдан ўтиб, саломатликлари тўғрисида ҳужжат олишларини таъминлаш эди.

 

Ярмаркада юзга яқин иш берувчилар томонидан 3400 дан ортиқ бўш иш ўринлари ҳавола этилди. Султонбек Орифжонов, Отабек Раҳимбердиев, Алишер Собировлар "Мехмаш" корхонасига кутилган даражадаги маошли ишларга қабул қилинганликларини ҳаяжон билан сўзладилар.

 

– Мен эса, – деди Маъсумхон Абдуллаев, – яқинда жазони ижро этиш муассасасидан Давлатимиз раҳбарининг афвлари билан озод этилгандим. Ярмарка мен учун янгича ҳаёт остонаси бўлди. Ўзимга муносиб ишга йўлланма олиб, бепул кўрикда тиббий маълумотномага ҳам эга бўлдим. Бу ғамхўрлик учун Президентимизга мингдан-минг раҳмат айтаман ва ишонч­ларини оқлайман.

 

Бир мақсадда ташкилланган икки тадбир шарофати билан 260 нафар ёшлар (200 нафари камбағал оила вакиллари) меҳнат шартномалари тузиб, фаровонлик сари қадам ташладилар.