Хабарингиз бор, вилоятимизнинг 14 та шаҳар ва туманида ёшларни турмушга тайёрлаш, оилавий низоларнинг олдини олиш ҳамда хотин-қизларга ҳуқуқий, тиббий-психологик ёрдам кўрсатувчи "Оила ва хотин-қизлар масканлари" ташкил этилган. Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг ҳудудий бўлинмаси ушбу масканларда хотин-қизларга соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича тарғибот тадбирларини олиб бормоқда. Ана шу мақсадда бугунгача олтита масканда 40 дан ортиқ машғулот ўтказилди.

Учрашувларда қатнашган хотин-қизлар мобиль телефонларига она сутининг аҳамияти, витаминлар, фолий кислотасининг афзалликлари, эрта турмуш қуриш ва қариндош никоҳнинг салбий оқибатлари, кўкрак бези, бачадон бўйни саратони каби 22 та долзарб мавзуга оид ёзма ва расмли тарқатма материаллар электрон шаклда тақдим этилди. Ушбу манбаларни оила аъзолари даврасида кўриб чиқиб, уларнинг тиббий тушунча ва маданиятини бойитишлари бўйича услубий тавсиялар берилди.

Шунингдек, опа-сингиллар эътибори тана вазни индекси, қандли диабетнинг 2-турини аниқлаш ва 40 ёшдан катталар орасида юрак-қон томир касалликлари хавфини кўрсатувчи телеграм-бот, мобиль иловаларга уланиш ва фаол фойдаланишга қаратиб келинмоқда. Айни вақтда вилоятимиздаги 40 ёшдан кичик хотин-қизларнинг 35 фоизи ана шу бот ва иловалардан мунтазам фойдаланиши ҳамда Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг ижтимоий тармоқларига обуна бўлишларига эришилди.

Дилором МАМАТХОНОВА,

Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти вилоят ҳудудий бўлими раҳбари.