Афсуски, айрим мутасаддилар бу муҳим вазифа ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўймоқдалар. Санэпидқўм вилоят бошқармаси ўтказган текширувларда бу борада йўл қўйилаётган қатор камчиликлар юзага чиқмоқда.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!" шиори остида олиб борилаётган кенг қамровли саъй-ҳаракатлар фикримиз далилидир. Шундай бўлсада, соғ­лиқни сақлашнинг айрим йўналишларида камчилик ва нуқсонлар кўзга ташланаётгани ташвишлидир.

Маълумки, кейинги йилларда юқумли ва паразитар касалликлар профилактикаси, бошқарилувчи инфекцияларга қарши эмлаш энг долзарб вазифалардан бирига айланган. Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, кўрилаётган изчил чора-тадбирлар натижасида бу турдаги касалликлар аввалги даврга нисбатан қисқарганлигини кўрамиз. Аммо айрим ҳудудлардан олинаётган маълумотларда фаолиятга янада жиддий муносабатда бўлиш лозимлиги аён бўлмоқда.

Жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнидаги статистиканинг гувоҳлик беришича, юқумли касалликлар профилактикаси қониқарли,деб бўлмайди. Бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш лозимдир. Тўғри, гемморагик иситма, салмоннеллоз, қутуриш, куйдирги касалликлари қайд этилмаган бўлсада, ичбуруғ, ўткир ичак инфекциялари, бруцеллёз, сувчечак, юқори нафас йўлларининг ўткир респиратор инфекциялари каби хасталикларга учраганлар сони ортган.

Мутахассислар томонидан бу ҳолатларнинг юзага келиш сабаблари ўрганлиганида эмлаш хоналарида ечимини кутаётган муаммолар кўплиги кузатилди. Янги Наманган, Давлатобод, Норин, Мингбулоқ ва Косонсой туманларидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида шароитлар етарли эмас. Поп, Чуст, Норин, Мингбулоқ, Давлатобод, Янги Наманган туманлари тиббиёт муассасаларида эмлаш ишларида қатор камчиликлар мувжуд.

Юқумли касалликларга қарши курашиш ғоят муҳим вазифа. Бу борада эмлаш тадбирларининг вақтида ва сифатли ўтказиш жуда ҳам долзарб аҳмиятга эга эканлигини асло унутмаслик лозим. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тегишли тиббиёт муассасалари раҳбарларидан масъулият талаб этади. Зеро, кейинги пушаймон – ўзинга душман, дея бежиз айтилмаган.