АПРЕЛЬ – КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ОЙЛИГИ

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг жорий йил 5 март куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида коррупцияга қарши курашишнинг долзарб вазифалари белгиланди. Улар ижросини таъминлаш мақсадида "Адолат" социал-демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда кенг кўламли тадбирлар режаси ишлаб чиқди ва апрелни "Коррупцияга қарши курашиш ойлиги" деб эълон қилиш таклифи қўллаб-қувватланди.

"Адолат" СДП Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари йиғилиб, агентлик мутахассислари иштирокида ойлик режа ишлаб чиқдик. Унга асосан партиянинг тар­ғибот тадбирлари маҳаллалардан бошланди. Партия Марказий аппарати, агентлик ходимлари, Қонунчилик палатасидаги фракция ҳамда маҳаллий кенгашлардаги гуруҳ аъзолари, ҳудудий ташкилотлар фаолларининг маҳалла, корхона, ташкилот ва таълим муассасаларидаги тушунтиришлари аҳолида коорупцияга қарши курашиш кайфиятини уйғотмоқда.

Ойлик тадбирлари ана шу таназзул занжирини барҳам топтириш борасида янги ҳаракат тўлқинини ҳосил қилишидан умидимиз катта. Қолаверса, партиядошларимиз билан бу борадаги ҳуқуқий-маърифий ишларни йил давомида изчил амалга оширишга келишиб олганмиз. Мақсадимиз бу йўлда жамоатчиликни бир бутун кучга айлантириб, адолат тантанаси, жамият тараққиёти, тинч ва фаровон ҳаёт учун муносиб ҳисса қўшиш. Айниқса, ёшларни ҳалоллик "вакцинаси" билан жамият танасидаги саратонга қарши иммунитетларини қарор топтириш диққат марказида. Президентимиз таъкидлаганидек, "Коррупция – келажакка таҳдид!" деган ғоя асосида Янги Ўзбекистон ўғил-қизлари қалбидан жой оладиган тизим яратишимиз керак. Шу боис мактабгача, мактаб таълими ва олий ўқув юртларидаги учрашувларда масалага жиддий эътибор қаратилмоқда.

Қувонарлиси, партия ташаббуслари аҳоли томонидан қизғин қўллаб-қувватланяпти, уларда коррупцияга қарши курашдек мақсад ва маслак йўлида якдиллик мустаҳкамланмоқда.

Тоҳиржон БОЙДАДАЕВ,

Халқ депутатлари Давлатобод туман Кенгаши депутати.