Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси. Бу қандай ҳужжат?

Бетоблик туфайли фуқаро ишга, ўқишга боролмай, даволаниши ёки тоби қочган фарзандини парваришлаши учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади. Бу ҳужжат шахсни ишдан озод қилиш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун асос бўлувчи ҳужжатдир. У орқали вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланиш ҳисоби ҳам юритилади.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси фуқаро мурожаат қилган ёки даволанган жойдаги тиббий муассаса томонидан расмийлаштирилади. Бунинг учун фуқароларнинг касаллиги, шикастланганлиги, ҳомиладорлиги, туққанлиги, оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлиги, протез қўйдирганлиги, шунингдек, сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бош­қа ишга ўтказилиши каби ҳолатлар асос бўлади.

Масалан, фуқаро юқоридаги ҳолатлар қайд этилганда, ҳудудий оилавий поликлиника ёки оилавий шифокорлик пунктига электрон регистратура орқали мурожаат қилади. Агар саломатлиги ёмонлиги сабабли бирламчи тиббиёт муассасасига бора олмаса, оилавий шифокорни уйига чақиради.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, бемор оилавий поликлиникага биринчи марта мурожаат қилганда, касаллик турига қараб 5 кундан 7 кунгача очилиши мумкин. Бунинг учун оилавий шифокор беморни шахсан кўрикдан ўтказиб, 025-шакл­даги маълумотномани тўлдиради ва тегишли электрон базага меҳнатга лаёқатсизлик варақасини киритиб, бўлим бошлиғига онлайн режимда юборади.

Масъул, ўз навбатида, ҳужжатнинг асослигига ишонч ҳосил қилгач, уни тасдиқлайди. Бу ҳақдаги маълумот беморнинг ишхонасида ҳам электрон база орқали кўриниб туради.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган куни беморнинг қайта кўрикка келиш вақти ҳам белгиланади. Унгача хасталик турига қараб, тегишли текширувлардан ўтиши ва тиббий таҳлиллар топшириши зарур. Агар беморнинг аҳволи қайта кўриккача оғирлашса, шифокорни уйга чақиради ёки оилавий поликлиникага қайта мурожаат қилади. Шундан сўнг керакли таҳлиллар текширилади ёки мурожаат қилувчи тор соҳа мутахассиси кўригига йўналтирилади.

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси эса ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасидан бошлаб бир йўла бир юз йигирма олти календарь кунига расмийлаштирилади.

Туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда туғуруқ муассасаси томонидан яна ўн тўрт календарь кунига қўшимча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

Амбулатория шароитида 14 ёшдан катта беморни парваришлаш учун эса боланинг оила аъзолари ёки қариндошларидан бирига 14 кундан кўп бўлмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилади.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси амбулатор шароитда даволаниш учун кўрсатма бўлмаган, маст ҳолатда келган, хусусий клиникалар ёки режали равишда санаторийларда саломатлигини тиклаш истагидаги шахслар учун очилмайди.

2024 йил 1 январдан юртимизнинг барча ҳудудларида меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва маълумотномаларини фақат электрон шаклда расмийлаштириш амалиёти йўлга қўйилган. Тизимга киритилган меҳнатга лаёқатсизлик варақалари тўғрисидаги маълумотлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" (my.gov.uz) ахборот тизими ҳамда "UZASBO" дастурий таъминотига электрон шаклда юборилади.

Шаҳобиддин РАҲИМОВ,

ҳуқуқшунос.