Мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини асраш йўналиши мутлақо янгича ёндашувлар асосида ислоҳ қилинмоқда. Бу янгиланишлар дунё миқёсида олиб борилаётган глобал ҳаракатларга тўла мослиги билан катта аҳамиятга эга.
Яқинда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан "Ҳаётни соғлом тарзда бошлаш – фаровон келажак гарови" шиори остида оналар ва болалар, хусусан, ҳомиладор ва ҳомила саломатлигини сақлашга қаратилган бир йиллик тарғибот кампаниясига старт берилди. Бу хайрли акцияда мамлакатимиз соҳа мутахассислари ҳам фаол қатнашмоқдалар. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг она ва бола скрининги бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Азиз Бахтиёрович Илёсов, фитал жарроҳ-перинатолог, тиббиёт фанлари номзоди Темур Саъдуллаевич Раҳимбоев Андижон, Фарғона, Наманган филиаллари скрининг бўлимларида нуқсонли ҳомилани текширишнинг инновацион усулларини жорий этдилар.
– Наманган филиали скрининг бўлимида 12-22 ҳафталик нуқсонли ҳомиладаги ирсий, наслий, инфекция асоратлари, меъёр даражасида ривожланмаслик касалликларини ташхислаш учун кам инвазив жарроҳлик йўли билан қағаноқ сувидан биопсия олиш, таҳлил натижасига қараб ташхислаш ва даво муолажаларини белгилашнинг инновацион технологияларини қўллаш бўйича маҳорат дарслари ўтказдик, – дейди Азиз Бахтиёрович. – Филиал шифокорлари муаммоли ҳомиладорликда хавфни бартараф этишнинг жаҳон миқёсида кенг қўлланилаётган асорати энг минимал даражадаги кордиосинтез, аминосинтез, вафрасинтез, торокосинтез, ҳомилага қон қуйиш усулларини ўзлаштирдилар.
– Носоғлом бола туғилишининг олдини олиш мақсадида ҳомиладорликнинг 1, 2, 3-ойлигида скрининг текширувидан ўтказиш қатъий назорат остида олиб бориляпти, – дейди тиббиёт фанлари номзоди Тошпўлат Абдукаримов. – Аммо жадал тараққиёт замонавий перинатал диагностиканинг инновацион усулларини қўллаш билан натижадорликни оширишни талаб қилмоқда. Айниқса, марказимизнинг хромасом касалликлар ва туғма ривожланиш нуқсонлари бор ҳомиланинг қағаноқ суюқлигидан кам инвазив жарроҳлик йўли билан биопсия олиш ва бир неча касалликларга текширишнинг вилоятда йўлга қўйилишидаги амалий ёрдамларидан ғоят мамнунмиз.
Вилоятда татбиқ этилган ҳомила скринингининг инновацион усуллари нуқсонли туғруқлар олдини олиш, аёлларга оналик бахти, оилаларга қувонч бағишлашда катта роль ўйнайди.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
«Shifokor va hayot» мухбири.