Маълумки, ҳар йили Халқаро ҳамширалар куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ҳамширалар Ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг қўшма қарорлари асосида "Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими" танловини ўтказиш анъанага айланган. Жорий йилда ҳам бу танлов вилоятимиздаги барча даволаш-профилактика муассасаларида кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Танловнинг муассаса, ташкилот, туман ва шаҳар босқичларида фаҳрли биринчи ўринга лойиқ, деб топилган ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларидан 135 нафарининг ҳужжатлари вилоят ташкилий комиссияси томонидан тўлиқ ўрганиб чиқилди ва 15 номинация бўйича ғолиблар аниқланди.
Тақдирлаш маросимида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов сўзга чиқиб, фаоллиги, касбий маҳорати ва билим даражаси бўйича ҳамкасбларига намуна бўлаётган танлов иштирокчиларини эришган натижалари билан муборакбод этди.
Тадбир қатнашчиларининг олқишлари остида барча наминациялар бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга муносиб кўрилган ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларига дипломлар ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.