Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида

 

Бир неча кундирки, юртимизда ана шу шиор остида "Соғ­ломлаштириш ойлиги" бўлиб ўтмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағаллик реестрига киритилган аҳоли орасида касалликларни эрта аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш ушбу тиббий тадбирнинг бош мақсадидир.

 

Вилоят марказидаги маҳаллалардан йўлга чиққан ўнлаб санитар автомашиналари эрта тонгдан ўзгалар ёрдамига муҳтож, саломатлигида муаммоси бор эҳтиёжманд кишиларни шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасига бирма-бир етказиб келишди. Бу масканда уларни республика, вилоят тиббиёт муассасаларидан жалб қилинган мутахассислар ва маҳаллий шифокорлар алоҳида эҳтиром билан қарши олишди.

 

Вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов, шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Шокиржон Ҳайдаров ва бошқа расмийлар саломатлик тадбирининг самарали ўтишини назорат қилиб туришди. Тиббиёт масканига келган ҳар бир инсонни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, тегишли мутахассислар кўригига йўллаб туришди. Поликлиниканинг тўрттала қаватида тажрибали шифокорлар томонидан беморларни қабул қилишди. Тадбирга олдиндан пухта тараддуд кўриб қўйилгани боис ташриф буюрувчилар тегишли мутахассис ҳузурига тезкор равишда йўллаб турилди.

 

– Акция давомида 3 минг нафардан зиёд кишининг соғлиғини назоратдан ўтказиб, даволаш чораларини кўришимиз лозим, – дейди шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ш. Ҳайдаров. – Ҳамшаҳарларимизнинг фаол иштироки бу жараённи қисқа фурсатда, самарали якунлашга йўл очмоқда. Энг асосийси кўмакка муҳтож ҳар бир инсонни дарддан халос этишдан иборат. Бунинг учун зарурий чоралар кўриб қў­йилган.

 

Поликлиника ҳовлисида "Сайёр маммограф" фаолият олиб бормоқда. Яна бир муҳим янгилик: поликлиника биносида "Телемедицина" воситасида беморлар кўриги ҳам ташкил этилган. Бир неча кишининг дардига унинг воситасида шифо изланди. Пойтахтдаги тиб­биёт марказлари билан тўғридан тўғри боғланилиб, соҳа олимларининг тавсиялари асосида даволаш чоралари белгиланди.

 

– Инсон манфаатлари йўлида ташкилланган тиббий тадбир жуда ҳам самарали кечмоқда. Шу хайрли акция ташаббускорларига, халқ бахту саодати йўлида ғамхўрлик кўрсатаётган давлатимизга минг раҳмат, – дейди 75 ёшли Абдураҳим ота Абдусатторов.

 

Жараён изчил давом этмоқда.

 

 

 

Давлатобод тумани марказий шифохонасида

 

Наманганнинг қайси бир гўшасига борманг, тиббиёт ходимларининг кўчама-кўча, уйма-уй юриб, одамларни соғлом ҳаёт сари ундаётганлигини кўрасиз. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида, маҳаллалар гузарларида, беморлар хонадонларида соғломлаштириш тадбирлари малга ошириляпти.

 

Ҳастахол Насибахон Мамадалиева учун бугун кутилмаган воқеа рўй берди. Анчадан бери инсульт азобини чекаётган бемор хонадонига 8-оила поликлиникаси мудири Наргиза Турсунова бошчилигида бир гуруҳ мутахассислар ташриф буюришди. Юқори Ро­вус­тон маҳалласидаги 22-хонадон бир лаҳзада тиббиёт масканига айланди гўё. Меҳмонлар аввалига онахоннинг саломатлигини тиббий кўрикдан ўтказишди. Ўз касбининг устаси Равшан Аломов ва Феруза Маҳкамовалар ЭКГ ва УЗИ текширувлари олиб боришди. Шифокорлар бир қарорга келишиб, оғир дардга чалинган инсонни акция доирасида соғ­ломлаштириш мақсадида Давлатобод тумани марказий шифохонасига олиб боришди.

 

Шифохона асаб касалликлари бўлими мудири Илҳомжон Камолов бемор ҳолатини обдон текширгач, қўл ва оёқдаги касаллик аломатларини бартараф этиш мақсадида 10 кунлик имтиёзли даволаниш чорасини белгилади.

 

– Беш йилдан бери оғир дард азобини чекиб келаман. Яхшиям саломатлик посбонлари бор. Улар доим соғайтириш учун интиладилар. Бугун уларнинг мендек беморларга кўрсатаётган беминнат ёрдамларини кўриб, шундай инсонпарвар давлатда яшаётганимдан фахрланиб кетдим, – дейди Н. Мамадалиева.

 

Поликлиника мудири Наргиза Турсунованинг маълум қилишича, ҳудудда 315 нафар камбағаллик реестрига киритилган инсонлар яшайди. Акция боис улар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Касаллиги аниқланган кишилар саломатлигини тиклаш чоралари кўрилмоқда.

Абдулла ҒОЗИЕВ.