Фарзанд ота-онанинг дилбанди. Унинг соғлиги, омонлиги чинакам бахти. Биз шифокор сифатида ана шу бахт барча оилаларда барқарор бўлиши учун кеча-кундуз бор билим ва тажрибамизни аямай сарфлаймиз. Мақсадимиз юртимизнинг келажак эгалари доимо соғ ва бақувват улғайишларини таъминлашдан иборат.
Марказимиз 395 беморга мўлжалланган. 16 та даволаш ҳамда 4 та ёрдамчи бўлимларимизда ишлар фаол олиб борилмоқда. 98 нафар врачу 389 нафар ҳамшира беморларни сифатли даволаш билан машғул. Жорий йилнинг шу кунига қадар 9138 нафар ўғил-қиз беморлар оилалари бағрига соғайиб қайтишларига эришилди. Мамнуниятли ҳолат уларнинг ота-оналаридан муттасил яхши эътирофлар эшитаётганимиздир. Эътирозлар эса камдан-кам. Чунки шароитлар тўкис, имкониятлар қулай, врачу ўрта тиббиёт ходимларимиз малакалари юқори.
Масалан, яқинда ўз ишига чечан ва чаққон ҳамширамиз Дилфуза Қаюмова "Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевт ходими" кўрик-танловида "Йилнинг энг яхши ҳамшираси" номинациясида 1-ўринни қўлга киритди. Ҳатто республикада 3-ўринга муносиб топилди.
Бугун Дилбар Азизова, Эркинжон Бозоров, Нилуфархон Шамсиддинова, Мусохон Обидов, Каримжон Халилов, Манзура Ҳожиматова, Насиба Жамолова сингари неонатолог, невролог, кардиоревматолог, жарроҳ, травматолог, аллерголог мутахассислар ҳамда бўлим мудирлари номларини фахр билан тилга оламиз. Шунингдек, бош ҳамшира Дилдора Маматхонова ва унинг атрофидаги Муқаддас Ғаниева, Манзура Мамажонова, Нозима Юсупова, Маҳмуда Мирзаҳмедова, Наргиза Мирбобоева, Муқаддас Эргашева каби ўрта тиббиёт ходимларининг ҳамкасбларига ўрнак бўлиб, болалар муолажалари самарадорлигига муттасил эришиб келишаётгани ғоят қувончлидир. Қутлуғ айёмни ана шундай ёруғ юз билан кутиб оляпмиз. Бахтимизга болаларимиз ҳамиша соғу-саломат ўйнаб-кулиб юришаверсин.
Ҳошимжон САИДҚУЛОВ,
вилоят болалар кўп тармоқли
тиббиёт маркази бош врачи.