Вилоят касаба уюшмаларининг катта мажлислар залида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилоят Кенгашининг сўнгги беш йилликдаги фаолияти юзасидан II ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Фарҳоджон Ханапияев олиб борди.
Анжуманда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти, барча даволаш-профилактика муассасаларидан сайланган делегатлар ҳамда бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари ва фаоллар иштирок этдилар.
Дастлаб Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиевнинг ҳисобот маърузаси тингланди. Унда тармоқ касаба уюшмаси ҳудудий Кенгаши томонидан 2021-2025 йиллар давомида олиб борилган ишлар сарҳисоб қилинди. Шунингдек, тафтиш комиссияси раиси Матлубахон Ҳакимованинг ахбороти эшитилди.
Музокараларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Зиёвиддин Мансуров ва бошқалар сўзга чиқиб, вилоят Кенгашининг ҳисобот давридаги фаолиятини қониқарли баҳоладилар.
Конференцияда тармоқ касаба уюшмаси вилоят Кенгашининг органларига сайловлар бўлиб ўтди. Сайлов муқобиллик асосида, ёпиқ овоз бериш йўли билан шаффоф ва адолатли равишда амалга оширилди. Яширин овоз бериш якунига кўра Аббосхон Мамадалиев яна Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси этиб сайланди. Кенгаш раисининг жамоатчилик асосидаги ўринбосари, раёсат аъзолари, тафтиш комиссияси таркиби, юқори касаба уюшмаси ташкилоти конференцияси ва тармоқ касаба уюшмаси қурултойига делегатлар ҳам сайланди.
Янги сайланган касаба уюшма фаолларига юрт равнақи, эл манфаати йўлидаги фаолиятларида омадлар ёр бўлсин!
Абдулла ҒОЗИЕВ.