Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси мажлислар залида "Аёллар орасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш" мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унга шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқларининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосарлари, онкологлар, доялар таклиф этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги "Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-402-сонли қарори ижросини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов анжуманнинг очилишида сўзга чиқиб, Наманганда аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида фикр юритди. Йиғилганлар эътиборини кўкрак бези саратони жаҳон миқёсида онкологик касалликлар орасида юқори ўринни эгаллаб турганлигига қаратди.
Мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда ҳам бу касалликнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва самарали даволаш масаласига устувор аҳамият берлаётганлигига қарамай, ечимини кутаётган муаммолар талай эканлиги таъкидланди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси, тиббиёт фанлари номзоди Гулжаҳон Ҳакимова "Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони касалликларини эрта аниқлаш бўйича амалий кўникмаларни ўргатиш" мавзусида маъруза қилди. Тажрибали мутахассис мазкур хасталиклар қанча барвақт аниқланса, дард чекаётган беморларни соғломлаштириш натижадорлиги шунчалар ортиши мумкинлигини кўргазмали далиллар асосида изоҳлаб берди.
Тадбирнинг амалиёт жарёнлари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида бўлиб ўтди. Олима ҳамда филиал шифокорлари томонидан кўкрак бези ва бачадон бўйини саратонига гумон қилинган аёлларни махсус тиббий кўриклар ўтказиш ва ташхислаш бўйича маҳорат дарслари ўтилди. Хасталик аниқланган беморларни даволаш ва соғлом ҳаётга қайтаришнинг замонавий усуллари ҳақида кенг тушунчалар берилди.
– Мақсад аёллар саломатлиги йўналишидаги ишларни янги босқичга кўтариш орқали опа-сингилларимизнинг соғлом ва фаровон ҳаётини таъминлаш, – дейди бошқарма бошлиғининг ўринбосари Васила Тожибоева. – Бу борада аёллар ўртасида онкологик касалликларни аниқлашга йўналтирилган тиббиётчилар касбий малакасини ошириш Президентимиз қарорида белгиланган энг долзарб вазифадир.
– Семинар мавзусидаги масалалар бўйича назарий билимга эга эдик, аммо амалда қўллаш тажриба ва маҳоратимиз камлиги билиниб турарди, – дейди Косонсой тумани аёллар маслаҳатхонаси лидер дояси Одина Тошхўжаева. – Семинарда тингланган кўргазмали маъруза ва жонли мулоқот, онкология марказидаги амалиёт биздаги ана шу камчиликни тўлдирди.
– Юртбошимиз қарорига асосан долзарб вазифани бажаришга тааллуқли шароитларимиз яхшиланди, муайян даражада билимга эга ходимлар билан таъминланди, – дейди Уйчи ТТБ бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Раънохон Ҳамдамова.
Мазкур мавзудаги семинар барча туманларда ҳам ўтказилади.