Солижон МЎМИНОВ,

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Водий гавҳари, гуллар диёри, гўзал ва обод гўша - Наманган аҳли бу гал мамлакатимизга ташриф буюрган дунё онкологларининг таниқли вакиллари конферен­ция­сига мезбонлик қилмоқда. Эртага Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида ташкилланаётган "Аёллар репродуктив тизими органларида хавфли ўсма касалликлари профилактикаси, эрта аниқлаш ва даволаш" мавзусига бағишланган халқаро анжуман тантанали равишда очилади. Умид қиламизки, мазкур илмий-амалий конференция самарали ўтиб, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашдаги муваффақиятларимиз салмоғини янада ошириш борасида муҳим аҳамият касб этади

Сир эмас, онкологик касалликлар жаҳон миқёсидаги глобал муаммолардан ҳисобланади. Бу ижтимоий аҳамиятга эга хасталикларни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш масаласи ер юзидаги барча мамлакатлар тиббиётчи олимларини, шифокору мутахассисларини жиддий ташвишга солмоқда. Наманганга қадам ранжида қилган онкология соҳаси етакчи мутахассислари икки кун мобайнида хавфли ўсма касалликларининг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш ҳақида баҳс юритадилар, олиб борилаётган тадқиқотлар, изланишлар, тўпланган тажрибалар билан ўртоқлашадилар.

Илмий-амалий анжуман мундарижаси ғоят кенг бўлиб, унда нафақат мамлакатимиз, балки АҚШ, Европа ва Осиёнинг машҳур олимлари, хусусан Россия Федерацияси, Германия, Дания, Туркия, Ҳиндистон, Жанубий Корея мамлакатларининг етакчи клиникаларида илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган онкологик касалликлар бў­йича етук мутахассислар илмий маърузалар ўқийдилар, "Маҳорат дарслари"да эса кўп йиллик тажрибаларини амалда намоён этадилар. Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Мэрилис Корбекс, АҚШнинг GE Healthcare маркази рентгенология йўналиши бўйича маслаҳатчиси Наталья Салмина, Н. Н. Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази Приволжие филиалидан Михаил Кацюба, Кореянинг Celltrazone клиникасидан Ким Джунг Хьюн, Ҳиндистоннинг BLK-Hospital клиникасидан Панкадж Кумар Панде, Fuji компаниясининг тиббиёт йўналиши бўйича маслаҳатчиси, туркиялик Шафак Ченик ва бошқа таниқли мутахассисларнинг маърузалари тингланиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида вилоятимиз тиббиётида ҳам сезиларли ўзгаришлар ясалмоқда. Жумладан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган селектор йиғилишларида олдимизга қўйилган вазифалар, жорий йилда имзоланган Фармон ва Қарорлар, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Пировардида шошилинч тиббий ёрдам хизмати такомиллаштириляпти, бирламчи тизимдаги ислоҳотлар самараси ўлароқ 62 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди. Уларнинг моддий-техник имкониятлари яхшиланмоқда. Шу билан бирга ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларини ривожлантириш борасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Муҳтарам Юртбошимизнинг вилоятимизга ташрифларидан кейин бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз янада жадаллашди. Вилоят эндокринология диспансери учун янги бино қуриляпти, вилоят кардиология марказини янада такомиллаштиришга астойдил киришилди. Фармацевтика саноатини юксак суръатлар билан ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ижроси устида иш олиб борилмоқда.

Вилоятимизда онкология хизмати ҳам намунали йўлга қўйилган, десам муболаға эмас. Истиқлол йилларида бу соҳа фаолиятини талаблар даражасида ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Диспансер учун янги бино қурилган. У икки йил муқаддам Инвестиция дастурига мувофиқ капитал реконструкция қилинган. Моддий-техник базасини ривожлантириш, даволаш ва диагностика ишларида янги техника ва технологияларни жорий қилиш, шифокорлар малакасини ва касбий маҳоратини оширишда ҳам ибрат олса арзигулик ютуқларга эришилмоқда.

Кўркам ва шинам, беморлар учун қулай шароитларга эга мазкур тиббиёт муассасаси энг замонавий технологияларни ўзида мужассам этган нуфузли марказга айланди. Ҳар йили янгидан-янги ҳорижий тиббиёт асбоб-ускуналари билан бойитилмоқда. Бинобарин, ўтган йили Хитой давлати гранти асосида маммография рақамли рентген-диагностика тизими, компьютер томографи, Германияда ишлаб чиқарилган юқори частотали элетрожарроҳлик коагулятори, Жанубий Кореяда тайёрланган кўчма рентген аппарати ва бошқа ускуналар ишга солинган бўлса, куни кеча Япониядан маммография олиб келинди. Аёлларда кузатиладиган сут бези саратони касалликларини скрининг қилишда қўлланиладиган мазкур ноёб аппарат ҳозирда Марказий Осиёда биринчи бўлиб Наманганда ишга солинмоқда.

Бу соҳа фаолиятини янада тараққий эттиришда муҳим омил бўлиши шубҳасиз. Онкологиянинг долзарб мавзуларига бағишланган Наманган анжуманидан олинган таассуротлар, хорижлик ва пойтахтимиздан келган етакчи мутахассислар тавсиялари, таклиф ва мулоҳазалари асосида онкологик хизмат даражасини замон талаблари даражасига етказиш чоралари кўрилади. Шу билан бирга изланишлар изчил давом эттирилади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорида белгилаб берилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишимиз учун ҳали кўп иш қилишимиз лозим. Энг муҳими, юксалаётган Наманганнинг тиббиёти ҳам юксалишини таъминлаш бурчимиздир.