"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифат даражаси тобора оширилиб, одамларнинг розилигига эришилмоқда.

Чортоқ туманида ташкилланган тадбирда худди шу ҳақда сўз борди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидовнинг маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ва туман тиббиётчилари билан ўтказган мулоқоти ана шу жиҳати билан муҳим аҳамият касб этди.

Нотиқнинг тиббиётга оид қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар тўғрисидаги маърузаси айниқса мароқ билан тингланди. Соғлиқни сақлаш муассасалари ва ўзини-ўзи бошқариш органлари ўртасида ҳамкорликни янада фаоллаштириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича тавсиялар берди.

Шундан сўнг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминовнинг жорий йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланди.

- Долзарб масалаларга бағишланган мазкур тадбирда ғоят муҳим вазифалар белгилаб берилди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Зулфия Мамажонова. -Эл соғлигини сақлаш борасидаги масъулиятимизни янада ошириб, Юртбошимиз талаблари даражасида халққа чин дилдан хизмат қилаверамиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.